Москва

“Тиббий генетика” долзарб муаммолари юзасидан Россия Федерациясига илмий-амалий ташриф

1-сон Гистология ва тиббий биология кафедраси катта ўқитувчиси Исломова Шохиста Абдихалиловна, 2024 йил 23 июндан 20 июлга қадар N.P. Bochkov Medical Genetic Research Centerда (Россия Федерацияси, Москва шаҳри) “Тиббий генетика” мутахассислиги бўйича малака ошириш курсларида иштирок этдим.

Мазкур илмий-амалий стажировка давомида замонавий тиббий генетиканинг долзарб йўналишлари, жумладан, ирсий касалликларнинг молекуляр-генетик асослари, уларни эрта диагностика қилиш усуллари ҳамда инновацион даволаш технологиялари бўйича назарий ва амалий билимларимни мустаҳкамладим.

Малака ошириш жараёнида қуйидаги масалалар атрофлича ўрганилди:

-моноген ва полиген ирсий касалликларнинг патогенези;

-хромосомал аномалияларни цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик усулларда аниқлаш;

-ПЦР, секвенирлаш (NGS), молекуляр маркерлар таҳлили каби замонавий лаборатор диагностика усуллари;

-пренатал ва неонатал скрининг тизими;

-ирсий касалликларда генетик маслаҳат бериш тамойиллари;

-персоналлаштирилган тиббиёт ва геном таҳлилининг клиник амалиётдаги аҳамияти.

Илмий марказ лабораторияларида амалий машғулотлар давомида биологик намуналар билан ишлаш, генетик таҳлил натижаларини интерпретация қилиш, клиник ҳолатларни комплекс баҳолаш бўйича кўникмаларга эга бўлдим. Шунингдек, ирсий метаболик касалликлар, онкогенетика ва репродуктив генетика соҳасидаги замонавий ёндашувлар билан танишдим.



Хизмат сафари доирасида Москва шаҳридаги бир қатор ихтисослаштирилган клиникалар ва тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларнинг диагностик лабораториялари, клиник бўлимлари ҳамда беморлар билан ишлаш жараёни билан яқиндан танишдим. Мазкур ташрифлар давомида клиник амалиёт ва илмий тадқиқот интеграцияси, мультидисциплинар ёндашув асосида беморларни даволаш тизими ҳамда юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатиш тажрибаси ўрганилди.

Малака ошириш жараёни илмий семинарлар, клиник таҳлиллар, давра суҳбатлари ва мутахассислар билан фикр алмашинувлар шаклида ташкил этилди. Олинган билим ва кўникмалар кафедрада ўқув жараёнини такомиллаштириш, талабаларга замонавий тиббий генетика ютуқларини етказиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, N.P. Bochkov Medical Genetic Research Centerда ўталган малака ошириш курси касбий компетенцияларимни янада оширишга, тиббий генетика соҳасидаги замонавий инновацион технологияларни амалиётга жорий этишга ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.