Ўқув ишлари

ГИСТОЛОГИЯ, ЭМБРИОЛОГИЯ, ЦИТОЛОГИЯ 

Олий таълимнинг Давлат таълим стандартига кўра “Педагогика” ва “Соғлиқни сақлаш” таълим соҳаларида ўқитиладиган гистология, эмбриология ва цитология фани цитология, эмбриология, умумий ва хусусий гистология бўлимларидан ташкил топган. Ушбу дастур инсон организмининг ҳужайралари, тўқималари, аъзолари ва системаларинниг эмбрионал ва постэмбрионал тараққиёти, микроскопик ва субмикроскопик тузилиши, уларнинг ҳаёт фаолияти қонуниятлари, фан тарихи ва ривожи тенденцияси, истиқболи масалаларини қамрайди ҳамда бўлғуси умумий амалиёт врачларида клиник фикрлаш, касаллик ва унинг белгиларини асослаш учун замин яратиб беради.

Фаннинг мақсад ва вазифалари

Гистология, эмбриология, цитология фани тиббий-биологик фанлар мажмуасига тааллуқли бўлиб, у II ва III семестрларда ўқитилади.

Фаннинг мақсади – одам организми орган ва тўқималарининг эмбрионал ривожланиши, микроскопик ва субмикроскопик тузилиши, ҳужайраларнинг цито- ва гистофизиологиясининг асосий қонуниятларини ўрганиш, гистологик препаратларни идентификация ва интерпретация қилиш кўникмаларини эгаллаш.

Фаннинг вазифалари:

  • ҳужайра, тўқима ва аъзолар тараққиёти, тузилиши ва фаолияти тўғрисида замонавий назарий билимларни эгаллаш;
  • микроскопик ва субмикроскопик препаратларни тўғри таҳлил қилиш борасида асосий амалий кўникмаларга эга бўлиш;
  • одам организми ҳужайралари, тўқималари ва аъзоларининг эмбрионал тараққиёти қонуниятларини ўзлаштириш;
  • ҳужайра, тўқима ва аъзоларнинг ёшга нисбатан ўзгаришлари ва уларнинг турли таъсирларга нисбатан жавоб реакциаларини тўғри талқин қила билиш;
  • энг муҳим цитологик, гистологик ва эмбриологик тадқиқот усулларининг асосларини ўзлаштириш.

 Фан бўйича талабаларнинг малакасига қўйиладиган талаблар

«Гистология, эмбриология, цитология» фанини ўзлаштириш жараёнида бакалавр:

–   ҳужайра, тўқималарнинг турлари, умумий тузилиши ва вазифаларини;

– аъзоларнинг тараққиёт манбалари, шаклланиш муддатлари, умумий тузилиш асослари, вазифалари ва ёшга кўра бўладиган ўзгаришларини;

– одам эмбриологияси босқичлари, уларнинг хусусиятлари, провизор аъзолар, «она-ҳомила» тизими, эмбриогенезнинг қалтис даврларини;

– регенерация, дифференцировка, пролиферация жараёнлари, тўқима ва аъзолар интеграцияси бўйича умумий биологик қонуниятларни;

– кейинчалик патологик ҳолатларда юзага келадиган ўзгаришларнинг моҳиятини ўрганиш учун аъзо ва тўқималарнинг нозик (микроскопик) тузилиши ва вазифаларини билиши керак.

Булар билан бир қаторда бакалавр:

– микроскоп билан ишлаш;

– микропрепаратларни ёруғлик микроскопи остида тўғри диагностика қилиш;

– қон суртмаларидаги лейкоцитлар турларини тўғри ажратиш; лейкоцитар формулани санаш;

– препаратлардаги асосий тузилмаларни тўғри тасвирлаш;

– илмий адабиётлардан фойдаланиш ва реферат ёзиш;

– ўз фикр-мулоҳаза ва хулосаларини асосли тарзда аниқ баён эта олиш кўникмаларига эга бўлиши керак.

 Фаннинг ўқув режадаги бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқлиги ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўрни

Мазкур фан ўқув режадаги тиббий биология ва генетика, биофизика, одам анатомияси, нормал физиология, биокимё каби фанлар билан узвий боғлиқдир. Фанни ўрганишда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари биология, анатомия, кимё курсларида олинган назарий ва амалий билимлар зарур бўлса, ўз навбатида бу фандан олинган билимлар патологик физиология, патологик анатомия, фармакология ва клиник йўналишдаги фанларни чуқур ўзлаштиришда кўприк вазифасини ўтайди.

Гистология, эмбриология, цитология фани умумий амалиёт шифокорида тиббий билимлар асосини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. У бошқа заминий фанлар билан биргаликда организм тўғрисида яхлит маълумот бериш, шу билан бирга талабада клиник фикр юритишни ривожланишини таъминлайди.

Календар-тематик режа 2 курс, 3 семестр

Оралик назорат натижалари